Product Summery
Наби Жалолиддин Чўлпон романининг 1 китобида Туркистон халқларининг қашшоқлиги, саводсизлиги учун қайғуриб ўсмирлигидаёқ мақолалар ёзган, қўрқмай ҳақ сўзни айта олган Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг ҳаёти, уни вояга етказган муҳит ва ўлканинг ХХ аср бошидаги ғариб аҳволини тасвирлайди. Ўша пайтдаёқ Андижондаги ҳақиқий аҳвол, бойларнинг қилмишлари ҳақида мақола ёзиб, Оренбургга – «Таржимон» газетига йўллайди, мақола босилгач бутун туркий дунё маърифатпарварларидан бири Исмоил Ғаспиралининг назарига тушганди. Миллатимизнинг маърифатпарвар жадид ўғлони Чўлпон давр ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, жаҳолат, қашшоқлик, чорасизлик халқнинг ҳақиқий тақдирига айланган аянчли кунларда озодлик орзуси, ватан дарди билан ёниб қалам тебратган. Туркистон мухториятининг барпо бўлишида қатнашган Чўлпон ўзбек давлатчилиги тарихида илк мадҳия муаллифи сифатида ўчмас из қолдирди. Халқни ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаш ҳамда маърифатга интилишга, жаҳолат ботқоғидан чиқиш ва қуллик кишанларидан қутулишга ундаган юксак ижоди билан миллат ўғлони сифатидаги вазифасини буткул бажара олганини қалбан ҳис қиламиз. У Фитрат, Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов ва бошқа тараққийпарвар жадидлар қаторида нафақат ижодкор, балки илк мухтор республикаларнинг тузилишидаги иштироки нуқтаи назаридан сиёсий арбоб ҳам эди. Романнинг мазкур биринчи китоби воқеалари Туркистон мухторияти тузилиши ва унинг қонга ботирилиши билан якун топади.